Аҳоли томонидан намунали уй-жой олиш тартиби

  1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 февралдаги 103-сонли Қарорига мувофиқ “Ариза берувчи – уй қурувчининг 2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурида иштирок этиши тартиби тўғрисидаги Низом” талабларидан келиб чиқиб Сиз ўз яшаш манзилингиз бўйича Туман ҳокимияти ҳузурида ташкил этилган комиссияга тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза (АНКЕТА-АРИЗА) билан мурожаат қиласиз. Аризангиз 15 кун ичида кўриб чиқилиб, комиссия томонидан ижобий хулосага асосан берилган тавсиянома билан “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ инжиниринг компаниясининг ҳудудий филиалига мурожаат қиласиз. (Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 февралдаги №103-сонли Қарори)

  2. Уй-жойлар қуриладиган тегишли массивлар аниқланиб, лойиҳа-смета ҳужжатлар тайёр бўлгандан сўнг “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ инжиниринг компаниясининг ҳудудий филиали билан Сизнинг ўртангизда дастлабки шартнома тузилади. Дастлабки шартнома тузилган кунидан бошлаб 5 банк куни ичида дастлабки бадални тўлиқ шакллантиришингиз лозим.

  3. Уй-жойларнинг янги намуналарини қуриш учун “Қишлоқ қурилиш банк” АТБ, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, “Ипотека банк” АТИБ, “Халқ банки” АТБ, “Асака банк” АТБ ва “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ (кейинги ўринларда иштирок этувчи тижорат банклари деб аталади) уй қурувчиларга 3 йиллик имтиёзли давр ва биринчи 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз миқдоридаги фоиз ставкаси билан ва кейинги даврда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида 15 йил муддатга ипотека кредитлари берадилар, бунда уй қурувчиларнинг дастлабки бадали қуйидаги миқдорларни ташкил этади:

  • 15 фоиз - икки, уч қаватли кўп квартирали (2 ва 3 хонали) уйлар ва 2, 3 хонали бир қаватли уйлар учун;

  • 25 фоиз - икки қаватли 4 хонали бирлаштирилган уйлар учун.

  1. Дастлабки бадал шакллантирилгач, “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ инжиниринг компанияси ҳудудий филиали билан уй-жой қурилиши учун асосий шартнома имзолангандан сўнг, Сиз билан банк ўртасида тузилган кредит шартномасига асосан молиялаштирувчи банк томонидан энг кам ойлик иш хақининг 1000 баробари миқдорида кредит ажратилади. Объект қийматининг якуний тўлов қисмини асосий шартнома тузилганидан кейин, Объект қурилиши бошлангач, лекин ипотека кредити Объектни қуришга йўналтирилган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай амалга оширади.

  2. “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ инжиниринг компанияси билан тузилган шартнома асосида қурилиш босқичма-босқич молиялаштирилади.

  3. Қурилиш-монтаж ишлар якунига этганидан кейин Объект давлат қабул комиссияси томонидан қабул қилинади ва уй-жой эгасига топширилади.